Минск расмийлари Беларусь Журналистлар ассоциациясини “экстремистик гуруҳлар” рўйхатига киритишган.
Ички ишлар вазирлигининг янгиланган рўйхатидан келиб чиқилса, бу иш Беларусь Давлат хавфсизлик қўмитасининг 2023 йил 28 февралидаги қарори асосида амалга оширилган.
Беларусь журналистлар ассоциацияси, ташкилот сайтида қайд этилишича, профессионал журналистик фаолият билан шуғулланувчи ёки журналистика ривожига кўмаклашувчи фуқароларнинг ихтиёрий, нодавлат, партиясиз бирлашмаси бўлиб ҳисобланади.
1995 йил кузидан бери фаолият кўрсатиб келаётган ассоциация 2006 йилда қайтадан давлат рўйхатидан ўтказилган. 2021 йил августида Беларусь Олий суди Адлия вазирлигининг даъво аризаси асосида ташкилотни тугатиш ҳақида қарор чиқарган.
Беларусь журналистлар ассоциацияси мамлакатда ифода эркинлиги ва ОАВ ҳуқуқлари бузилишига оид ҳолатларни мониторинг қилиб келган. Бу каби фаолиятни ташкилот 2020 йилдаги президент сайлови даврида ҳам олиб борган.