Лукашенко намойишчиларга қарата ўқ узишга рухсат берувчи қонунни имзолади

Минск кўчаларидан биридаги куч ишлатар тузилмалар ходимлари, 2021 йил марти

Александр Лукашенко қонун доирасида жисмоний куч ишлатиш, жанговар ва махсус техника, махсус воситалар ва қуролдан фойдаланиш натижасида етказилган зарар учун жавобгарликни куч ишлатар тузилмалар ходимлари зиммасидан соқит қилувчи қонунни имзолади.

Озодликнинг беларус хизмати хабарига кўра, ушбу қонун милицияга оммавий тартибсизликларни бартараф этиш учун жанговар ва махсус техникани ишга солиш, шунингдек процессуал ҳаракатларни ўтказиш, жамоат тартибини, шахсий ва ижтимоий хавфсизликни таъминлаш учун фуқароларнинг фото ва видеотасвирга олишини тақиқлаш ҳуқуқини беради.

Милиция ходимларига қўлга олиш чоғида фуқароларни, уларнинг буюмларини ва автомобилларини кўздан кечиришга ҳам рухсат берилган. Ички ишлар идоралари жисмоний шахсларнинг ёзма розилигисиз улар ҳақида ахборот тизимларидан маълумот, жумладан шахсий маълумотларни олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлди.

Давлат ҳимояси амалдорлар, куч ишлатар тузилмалар ходимлари, судьялар, журналистлар, сайлов комиссияларининг аъзолари ва бошқа шахсларга нисбатан татбиқ этилади — бунинг учун ИИВ тегишли давлат идораси раҳбаридан мазкур шахснинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига нисбатан тажовуз хавфи мавжудиги ҳақида хабарнома олган бўлиши керак.

Давлат ҳимоясига олинган шахс — бошқа ишга ўтказишдан тортиб, агар хавфсизликни таъминлашнинг бошқа йўли бўлмаса, қиёфасини ўзгартиришгача бўлган турли ҳимоя чораларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Беларусда 2020 йил августдан бери оммавий намойишлар ўтказилмоқда. Намойишчилар президент сайловининг расмий натижаларидан норози. Марказий сайлов комиссияси иддаосича, сайловда катта устунлик билан Александр Лукашенко ғалаба қозонган. Аммо “Голос” ижтимоий платформаси МСК маълумотини далиллар билан рад этишга муваффақ бўлган.

Намойишчилар Лукашенконинг ҳокимиятдан кетиши ва қайта сайлов ўтказилишини талаб қилишмоқда. ЕИнинг қатор мамлакатлари, шунингдек Буюк Британия, АҚШ ва Канада Лукашенконинг легитимлигини тан олмай, Беларусь ҳукуматига қарши санкциялар жорий этган.

Ўтган йил августида тинч намойишларда қатнашгани учун минглаб одам қўлга олинган, калтакланган ва жиноий таъқиб остига олинганди. Норозиларга нисбатан жиноят ишлари очиш ҳамон давом этмоқда. “Весна” инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, бугунги кунда Беларусда 360 дан ортиқ сиёсий маҳбус бор.