Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти - КХШТ давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари саммитида сўзлаган нутқида Беларусь президенти Александр Лукашенко “Ўзбекистон Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан биринчи навбатда сабоқ олиши лозим”, деб айтди.
Лукашенкога кўра “ташқи кучлар” Ўзбекистондаги вазиятни ҳам издан чиқариши мумкин. “Уларнинг нигоҳлари Ўзбекистонга ҳам қаратилган”,-деди Лукашенко.
Беларусь президенти “Қозоғистон сценарийси” бундан аввал Югославия, Ироқ, Ливия, Сурия, Украина, Афғонистон ва Беларусда ҳам амалга оширилганини иддао қилди.
КХШТга аъзо давлат раҳбарларининг навбатдан ташқари онлайн саммити 10 январда бўлиб ўтди. Саммит пайтида Қозоғистон президенти Қасим -Жомарт Тоқаев мамлакатдаги воқеаларни “давлат тўнтаришига уриниш” сифатида баҳолади.