Европа парламенти Беларусь мухолифатига Сахаров мукофотини топширди

Беларуслик мухолифатчи лидер Светлана Тихановская

Европа парламенти 16 декабрь куни Беларусь мухолифати вакилларига фикр эркинлиги учун Андрей Сахаров номидаги мукофотни топширди. Мукофотни президентликка собиқ номзод Светлана Тихановская қабул қилди. Лауреатлар орасида унинг турмуш ўртоғи Сергей Тихановский, ёзувчи Светлана Алексиевич, ҳуқуқ фаоли Алесь Беляцкий, президентликка собиқ номзод Николай Статкевич, Nexta Telegram-канали асосчиси Степан Путило ҳамда фаоллар Мария Колесникова, Вероника Цепкало, Ольга Ковалькова ва Сергей Дилевскийлар ҳам бор.

Мукофотни топшириш маросими Брюсселда Европарламент мажлисида бўлиб ўтди. Мукофотни топшириш ҳақидаги қарор 22 октябрь куни қабул қилинганди.

Литвалик депутат Андрюс Кубилюс Беларусда ҳозирда бўлиб ўтаётган митингларни “диктатура шафқатсиз милиция кучи ва давлат пропагандаси воситасида эзиб ташлашга қодир бўлмаган янги турдаги тинч инқилоб” деб атади. Европарламент раиси Давид Сассоли беларусликлар ҳаракатига кўмак кўрсатишни давом эттиришга ваъда берди.

Цепкало мукофотни “Беларусь халқи диктаторлик режимига қарши туришда ёлғиз эмас”лигининг белгиси ўлароқ кўрмоқда. Тихановскаянинг ўзи эса бу мукофотга демократия учун кураш олиб бораётган беларусликларнинг барчаси лойиқ эканини билдирди.

Совет олими ва ҳуқуқ фаоли Андрей Сахаров номидаги фикр эркинлиги учун (50 минг евро миқдоридаги) мукофот Европарламент томонидан 1988 йили таъсис этилганди. Аввалроқ бу мукофотга Беларусь журналистлари ассоциацияси ва беларуслик сиёсатчи Александр Милинкевич сазовор бўлган.