Беларуснинг ОНТ давлат телеканали 3 июнь оқшомида ҳибсдаги блогер Роман Протасевич билан интервьюни намойиш этди. Суҳбат чоғида Протасевич оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбдорлигини тан олган.
Интервью қачон ва қай шароитда суратга олингани очиқланмаган. Журналист 23 майдан бери Минскдаги тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.
ОНТда эфирга узатилган лавҳада NEXTA телеграм-канали собиқ бош муҳаррири Протасевич ўзига нисбатан айблов эълон қилинган пайтдаёқ гўё “рухсат этилмаган оммавий тадбирларни ташкил қилиш” моддаси бўйича айбини дарҳол тан олганини айтган.
“Бу чақириқлар, жумладан мен эълон қилган чақириқлар ҳам кўчаларда қандай оқибатларга олиб келганини, моҳиятан, бошқариб бўлмас тартибсизликлар бошлаганини англардим. Шу тариқа Минск уч кун хаос ичида яшади”, деган мухолиф блогер камерага юзланиб.
Шунингдек, у Беларусь мухолифатининг бир қанча вакилларини танқид қилиб, Александр Лукашенкони “ҳурмат қилиши”ни билдирган.
Роман Протасевич 23 май куни Афинадан Вильнюс шаҳрига учаётган Ryanair авиаширкати учоғининг (лайнер миналаштирилгани тўғрисидаги ёлғон хабардан сўнг) Минскка мажбурий қўндирилиши ортидан ҳибсга олинган эди. NEXTA телеграм-канали ўтган йили августда бошланган Лукашенкога қарши норозилик намойишларини батафсил ёритиб келган. Сўнгги пайтларда у “Беларусь головного мозга” телеграм-каналини юритар ва Литвада истиқомат қиларди.
Беларусь ҳукумати Протасевични терроризмда айбланаётганлар рўйхатига тиркаган. Унга қарши Минскда оммавий тартибсизликларни уюштириш ҳамда ҳокимият вакиллари ва милицияга нисбатан ижтимоий нафрат уйғотишга оид моддалар бўйича жиноят ишлари очилган. Шунингдек, журналист давлат сирини ошкор қилиш ва президентни ҳақоратлашда ҳам айбланмоқда.