Беларусь: Tut.by портали асосчисининг беваси уй қамоғида ўтирибди

Беларусдаги Tut.by мустақил портали асосчиси Юрий Зиссернинг беваси Юлия Чернявская уй қамоғига олинган. Бу ҳақда Tut.by ўз Телеграм-канали орқали хабар тарқатган.

Чернявская билан алоқа 18 май куни узилиб қолган. Ўша куннинг ўзида Tut.by порталига қарши солиқ тўлашдан бош товлаганлик моддаси бўйича жиноят иши очилгани маълум бўлган. Порталнинг Минскдаги ва бошқа шаҳарлардаги офисларида ҳамда айрим ходимларнинг уйларида тинтув ўтказилган.

Беларусь Ахборот вазирлиги портални блоклаб қўйган. Вазирлик қайдича, бунга Tut.by вакиллари томонидан оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонуннинг бир неча бор бузилгани сабаб бўлган. Хусусан, сайтда рўйхатга олинмаган Беларусь бирдамлик фондининг материаллари чоп этилган. У сиёсий сабабларга кўра ишидан айрилган шахсларга ёрдам ва қўллов кўрсатиш билан шуғулланиб келади.

Tut.by ва унга алоқадор ресурслар Беларусдаги энг йирик интернет-холдингдир. Айни пайтда портал мустақил онлайн нашр ҳам бўлиб ҳисобланади.

Tut.by ўтган йил августидан бери мамлакатда президент сайлови расмий натижаларига қарши бошланган норозилик акцияларини ёритиб келган. Бу сабабли мамлакат расмийларидан кўплаб огоҳлантириш олган порталнинг ўтган йил декабрь ойида ОАВ лицензияси бекор қилинган эди.