Беларусда Москвадаги военкоматдан қочган тожикистонлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Беларусда муддатли ҳарбий хизматга чақирилгани ортидан Россиядан қочиб кетган тожикистонлик қўлга олинган. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бошқармаси маълум қилди.

Тергов маълумотига кўра, 2004 ва 2005 йилда туғилган икки тожикистонликнинг бири 2019 йили, яна бири эса 2022 йилда Россия фуқаролигини олган. Улар муддатли хизматга чақирилишган, бироқ армияга боришни истамаган икковлон ўтган йилнинг 22 октябрида Москвадаги ҳарбий комиссариат йиғилув пунктидан жуфтакни ростлаган.

Россияда уларга қарши хизматдан бўйин товлаганлик (Россия Жиноят кодексининг 328-моддаси 1-қисми) айблови билан иш қўзғатилган ва қидирувга берилган. Жиноят қидирув бўлими ходимлари ва терговчилар улардан бири Беларусда эканини аниқлашган. Пировардида у қўлга олиниб, Москвага олиб келинган. Иддаога кўра, қўлга олинган шахс сўроқ пайтида айбига тўлалигича иқрор бўлган.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан буён россиялик расмийлар Украинага қарши урушга мигрантларни ёллай бошлаганлар. 2023 йили куч ишлатар тузилмалар ходимлари Россиянинг Москва, Петербург ва бошқа шаҳарларида рейдлар ўтказиб, мигрантларнинг ҳужжатларини текширишга киришганлар. Мазкур рейдлар чоғида Россия фуқаролигини олган шахслар ҳарбий комиссариатларга йўлланган ёки ҳарбий қайдга туришдан бош тортганлик учун жавобгарликка тортилган.

Уруш кетаётганига қарамай, Россия фуқаролигини олишни истаган тожикистонликлар сони ўсишда давом этган. Агар 2021 йили 103 минг 600 нафар тожикистонлик Россия паспортини олган бўлса, 2022 йилнинг тўққиз ойи ичида 119 минг 609 нафар, 2023 йилнинг илк чорагида эса 44 минг 854 нафар тожикистонлик Россиядан фуқаролик олган.