Белградда норозилар давлат маъмурияти биносига бостириб киришга ҳаракат қилди

Белграддаги намойиш иштирокчилари.

Белградда сайлов натижаларига норозилик билдираётган мухолифат вакиллари шаҳар давлат маъмурияти биносига бостириб киришга ҳаракат қилди. Норозилар бино деразаларини синдириб ташлади. Полиция бунга жавобан кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади. Бу ҳақда Озодлик радиоси болқон хизмати хабар берди.

“Сербия зўравонликка қарши” мухолифат блокининг норозилик намойишлари Сербияда етти кундан бери давом этмоқда. Мухолифат ҳукуматни парламент ва муниципал сайловлар натижаларини сохталаштирганликда айбламоқда.

Мухолифат вакиллари 24 декабрда давлат маъмурияти биноси балконидан туриб нутқ сўзлаш хоҳишлари бор эканини билдириб, бинога кирмоқчи бўлди. Полиция мухолифатнинг бу ҳаракати ноқонуний эканидан огоҳлантирди.

Сербия президенти Александр Вучич ўзининг навбатдаги мурожаатида намойишларда икки ярим минг киши иштирок этаётганини айтди. Президентга кўра, бўлиб ўтаётган воқеаларни “революция сифатида баҳоламаслик лозим”.

17 декабрда Сербия парламентига навбатдаги сайлов ўтказилган эди. Расман билдирилишича, президент Вучич доҳил Сербия прогрессив партияси 47 фоиз, “Сербия зўравонликка қарши” ҳаракати 23 фоиз, Социалистик партия эса 7 фоиз овоз олган.