Беларусь президенти Александр Лукашенко ташқи ишлар вазири Владимир Макейнинг Россия ҳарбийлари мамлакат ҳудудидан қўшма ҳарбий машғулотлар якунланганидан сўнг, яъни 20 февралдан бошлаб олиб чиқиб кетилиши тўғрисидаги билдирувини шубҳа остига олувчи баёнот берди.
“Иттифоқ қатъияти – 2022” машқлари ўтказилаётган полигонга 17 февраль куни ташриф қилган Лукашенко 18 февраль куни Москвада Путин билан учрашишини ва учрашувда Беларусга киритилган Россия қўшинлари тақдири ҳал этилишини айтди.
“Эртага қандай қарорга келсак, шундай бўлади. Қарор қилсак -бир сутка ичида олиб чиқиб кетилади. Қарор қилсак - бир ой шу ерда қолишади. Қуролли Кучлар қанча керак бўлса, шунча муддат шу ерда қолади”, -деб иқтибос келтирди Лукашенко сўзларидан БелТА.
Украина билан чегарадош Беларусга ҳарбий машғулот баҳонасида Россиянинг 30 мингта аскари, С-400 зенит-ракета мажмуалари дивизионлари, “Панцирь-С” зенит ракета-тўп дивизиони, шунингдек, Су-35С ва Су-25СМ қирувчи ва ҳужумчи учоқлари киритилган.