Бензин нархи ошишига норозилик ижтимоий тармоқларда кўринмоқда

Ўзбекистонда бензин нархи оширилишига ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган ҳажвий фотоколлажлар

Ўзбекистонда 15 ноябрдан бензин ва дизел ёнилғилари нархинингкескин қимматлагани социал тармоқлардаги ўзбекистонлик фойдаланувчилар томонидан қизғин баҳсу мунозара билан қарши олинди.

14 ноябрда социал тармоқларда тарқаган Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг бензин нархлари оширилиши ҳақидаги қарорига мувофиқ¸ 15 ноябрдан бошлаб бир литри 2800 бўлган Аи-80 русумидаги бензин 3800 сўм этиб белгиланди (нарх ўсиши 35,7 фоиз).

Аи-91 русумидаги бензин нархи 4300 сўм (+43,3 %), дизел ёнилғиси 4100 сўм (+72,6 %) ва ЭКО дизел ёнилғиси 4200 сўм (+71%) этиб белгиланди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарори

Қарорда нархлар ўзгаришидан "ёнилғи бозорида рақобат муҳитини такомиллаштириш, ёнилғи-энергетика ресурсларини талон-тарож қилиш олдини олиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебитор ва кредитор қарздорликни камайтириш мақсадлари ҳам кўзланган"и таъкидланади.

25 йиллик каримовча иқтисод учун тўланаëтган бадал?

Facebook фойдаланувчиларининг аксари ёнилғи нархининг кўтарилиши танқид ва эътироз билан қарши олишди.

Таниқли блоггер Мусанниф Адҳам ёнилғи нархининг ошишини Ўзбекистонда чорак асрдан буён юритилаётган "иқтисодий сиёсат натижаси", деб ҳисоблайди.

"Бензин, долларнинг ошишию ойликларнинг кўтарилмаслиги ўтган 25 йиллик иқтисодий сиёсат натижаси. Доллар йиллар давомида эркин сузиб юрмай, курс сунъий равишда пасайтириб турилди. Энди эса ўша йиллар давомида йиғилган фарқ йўқ қилинмоқда. Бензин нархи ошишига ҳам доллар таъсир кўрсатди. Йиллар давомида бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналарида келгуси давр харажатлари сифатида акс эттирилган рақамлар аслида ўтган даврларда қилиб бўлинган харажатлардир. Мана шуларнинг ҳаммаси бу йил умумий харажатларга ўтказилиб, бюджет дефицити (етишмовчилиги) пайдо бўлди. Натижада, бу йил ойликлар ошмаслиги ойдинлашмоқда," деб ёзади Мусанниф Адҳам.

"Буни монополия дейдилар! Конкуренция бўлмагандан кейин бензин нархини 10,000 ёки 15,000 қилса ҳам, бизда балиқлар индамайди!" эътироз билдиради Тошкентдан яна бир фойдаланувчи Тўлқин Остонов.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбекистонда яна бензин нархи ошди

"Такси нархи ошгани йўқ"

Озодлик боғланган тошкентлик таксичиларнинг ҳаммаси бензин нархи кўтарилган эса-да, ҳозиргача кира ҳақи ўзгармасдан қолаётганини билдирди.

Уларга кўра, Тошкентда таксичиларнинг аксари ўз машиналарига газ балонларини ўрнатишган.

"Нархлар ўзгаргани йўқ. Бензиннинг кўтарилгани бизга таъсир қилмайди. Сабаби газда юрамиз," деди таксичи Ражаббой.

"Бизга кира ҳақи қанча арзон бўлса, шунча яхши. Такси арзон бўлса, мижозлар кўп бўлади. Шунга яраша, бизнинг даромадимиз ҳам кўпаяди," деди Тошкент-Фарғона йўналишида ҳайдовчилик қилувчи Рустам Қўйлиев.

Тошкентнинг Қўйлиқ бозорида савдо қилувчи бекободлик Фарида Жумаева бензин нархининг кўтарилиши бозорда мева ва кундалик озиқ-овқатлар нархига таъсир қилиши мумкинлигидан ташвиш билдирди.

"Мен Қўйлиқ бозорида ҳўл мева сотаман. Мевани Сирдарёдан ёки Бекободдан автобусда олиб келаман. Ҳозирча автобусга билет нархи кўтарилгани йўқ, лекин кўтарилиши мумкин дейишаяпти. Тошкентга ҳар куни қатнайман. Агар билет минг сўмга ошсаям, ойига фалон пулга кўпаяди. Шунга қўрқиб турибман," деди Фарида Жумаева.

“Шапкавозлик”

Айни пайтда O’zbekiston24 телеканалида мамлакат бўйлаб бензин тақчиллигига оид илк бор таҳлилий лавҳа намойиш қилди.

Кўрсатувда фақат пойтахтда ва Тошкент вилоятида бензин муаммоси йўқлиги, қолган барча минтақалардаги ёнилғи шохобчаларида бензин сотилмаётгани таъкидланади, мухбир АЁҚШлардаги навбатлар ҳақида гапиради.

Лавҳада мухбир бензин тақчиллиги сабабларини келтирмайди, бензин сотишдаги "шапкавозлик" ҳам йўқ бўлишидан умидворлигини айтади.

15 ноябрда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев мамлакатда юзага келган ëнилғи тақчиллигини зудлик билан ҳал қилиш мақсадида нефтни қайта ишловчи заводларга давлат бюджетидан 2 триллион сўм (тақрибан 250 млн. доллар) қарз беришни буюрди.

Ўзбекистонда бензин тақчиллиги ҳар йили кузатилади.

Ўтган йил октябрь ойида ҳам бензин тақчиллигини ҳал этиш учун унинг нархини кескин кўтарилган, натижада жойларда бензин нархи 7 минг сўмгача чиққан эди.