Беш ой муқаддам озодликка чиққан собиқ дипломат вафот этди

Ўзбекистон собиқ дипломат Қодиржон Юсупов

Ўзбекистонда давлатга хоинлик қилганликда айбланиб, 5,5 йилга қамалган ва шу йил июнида озодликка чиққан собиқ дипломат Қодиржон Юсупов 14 ноябрь куни 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси маълумот тарқатди.

Хабарномада Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси (AHRCA), Инсон ҳуқуқлари бўйича Хельсинки жамғармаси (HFHR), Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) ҳамда Норвегия Хельсинки қўмитаси (NHC) собиқ дипломатнинг оила аъзоларига ҳамдардлик изҳор қилиши айтилган. Мазкур халқаро ташкилотлар аввалроқ Қодиржон Юсупов ноҳақ қўлга олингани ва қийноққа солинганига оид баёнотлар билан чиқишган эди.

Мавзуга алоқадор

Британиялик адвокат Жеффри Робертсон қамоқдаги ўзбек дипломати ҳимоясига чиқди

Бир пайтлар Ўзбекистоннинг Австрия, Британия, Судан ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида ишлаган Қодиржон Юсупов узоқ йилдан бери азият чекиб келаётгани руҳий хасталик туфайли 2018 йилнинг 3 декабрида Тошкент метрополитенининг Пушкин бекатида ўзини поезд остига ташлаган ва тасодиф туфайли омон қолган.

Бошидан қаттиқ лат еган собиқ дипломат, оила-аъзоларига кўра, бу воқеадан кейин тушиб қолган руҳий транс ҳолатида “ўзининг Ғарб давлатларининг жосуси” экани ҳақида алжирай бошлаган ва касалхонага етиб келган ДХХ ходимлари ана шу “иқрор” асосида унга қарши жиноят иши очиб, собиқ мулозимни мамлакат Жиноят кодексининг 157-моддасида (Давлатга хоинлик қилиш) кўзда тутилган жиноятда айблаган.

Юсуповнинг яқинлари Озодлик мухбирлари билан 2019 йил март ойидаги суҳбатда собиқ дипломат уларга сўнгги марта 2018 йил 9 декабрига касалхонада кўрсатилгани, 10 декабрь куни у ДХХ тергов изоляторига ўтказилганини айтишган.

Шундан сўнг Қодиржон Юсупов тергов чоғида ўзига нисбатан турли хил босимлар ўтказилаётгани, даволанишга имкон берилмаётганидан шикоят қилган, бироқ ўзбек расмийлари бу шикоятларни асоссиз деб топишган.

Собиқ дипломат Ўзбекистон Ҳарбий судининг 2020 йил 9 январидаги ҳукми билан 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Суд ҳукми ортидан қатор халқаро ташкилотлар Қодиржон Юсуповни озод қилиш чақириғи билан ўзбек расмийларига мурожаат қилишган эди.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, озод этилганига қарамасдан, қамоқда кечирган йиллари Қодиржон Юсуповнинг ҳаёти ва саломатлигида ўз изини қолдирган ва дипломат яқинларига “адолат излаб чарчагани”ни айтган.

Фаоллар Ўзбекистон ҳукуматини Юсуповнинг ҳибсга олиниши ва қамоққа ташланишини ноқонуний деб топган БМТ ишчи гуруҳи талабларини бажариш, унга нисбатан тергов ва суд ҳукмини қайта кўриб чиқишга чақирганлар.

Ҳуқуқбонлик ташкилотларига кўра, собиқ дипломат вафот этганига қарамай, БМТ Ноқонуний ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳининг талаблари кучда қолаверади.