Россиянинг собиқ президенти ва бош вазири Дмитрий Медведев Давлат Думасига сайловда “Единая Россия” рўйхатида бошчилик қилишга ва янги Думада спикер лавозимини эгаллашга умид қилган, аммо бунга Президент администрацияси ва шахсан унинг раҳбари Сергей Кириенко қарши чиққан. Бу ҳақда Россия ҳукуматидаги манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда Би-би-си рус хизмати хабар қилди.
Медведевнинг Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари лавозимидаги фаолиятига бағишланган катта мақолада у ўтган йили ҳукумат раҳбарлигидан кетганидан сўнг катта сиёсатга қайтишга урингани ҳақида ҳикоя қилинади. Айтилишича, Медведевнинг уринишлари ҳозирча муваффақият келтирмаган.
“Медведев сиёсий нафақага чиқишни хоҳламайди, Хавфсизлик кенгашидаги ҳозирги лавозими эса унинг учун айнан сиёсий нафақани англатади. Бош вазирликдан истеъфога чиққанидан сўнг у яна расман нуфузли сиёсий шахс мақомига эришиш мақсадида Думага сайланиш ва унга спикер бўлиш учун ички сиёсат бўйича куратор ҳамда президент маъмурияти раҳбари Сергей Кириенко билан бир йилдан зиёд курашди”, дейилган мақолада.
Иддао қилинишича, Медведевнинг рейтинги жуда пастлиги сабабли Кириенко унинг “Единая Россия” рўйхати бошида туришига қарши чиққан. Натижада, шунча уринганига қарамай, Медведев расман ўзи раҳбарлик қиладиган партия рўйхатига киролмаган.
Шунингдек, мақолада айтилишича, 2020 йил 15 январида ҳукумат раҳбари лавозимидан истеъфога чиқарилиши Медведев учун ёқимсиз “сюрприз” бўлган – Владимир Путин унга бу ҳақда Конституцияга ўзгартишлар киритилишига бағишланган чиқишидан бир неча кун ёки ҳатто бир неча соат олдин маълум қилган экан.
Мақолада Медведев Хавфсизлик кенгашида “ўзини топа олмаган”и ва борган сари обрў-эътиборини йўқотаётгани айтилади. Хусусан, у янги бош вазир Михаил Мишустин билан чиқишмайди, лекин ҳамон Владимир Путинга содиқлигича қолган.