Ригада "Би-би-си" рус хизмати тадбир ўтказаётган барга ўқув гранатаси ташланди

Рига манзараси.

Ригада "Би-би-си" рус хизмати тадбир ўтказаётган барга номаълум шахс ўқув гранатаси ташлади.

"Новая газета Европа"нинг гувоҳларга таяниб хабар беришича, кечки соат 11 да барда журналистлардан бошқа деярли ҳеч ким қолмаган эди. Шу пайт бар эшиги очилиб, номаълум эркак РГД-5 ўқув гранатасини ташлаган. Гранатанинг портлаши бир нечта одамнинг қулоғини том битирган. Жабрланганлар йўқлиги айтилмоқда.

Граната ташлаган шахс қора BMW автомашинасига миниб, қочиб кетган. Журналистлар машина номерини ёзиб олишга улгурган. Кейинроқ Латвия полицияси икки нафар гумонланувчини қўлга олган.

Латвия полицияси дастлабки тергов натижаларига таянган ҳолда, граната ташлаганларнинг бошқа бир кишида шахсий хусумати бўлгани ҳақида маълум қилди. “Инцидент мазкур жойда журналистларнинг тўплангани билан боғлиқ эканига оид ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас”, дейилади полиция баёнотида.

Полиция гумонланувчиларнинг исмларини ошкор этмади. Воқеа юзасидан “Безорилик” айблови билан жиноят иши очилган.

"Би-би-си" ходимлари воқеа уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини иддао қилмоқда. Украина уруши бошланганидан сўнг "Би-би-си"нинг Москва бюроси ва унинг ходимлари Россияни тарк этишга мажбур бўлган эди.