Ўзбекистонда фуқарога бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов бюллетенини берган сайлов комиссияси аъзоси бундан буён жавобгарликка тортилади. Бу тартиб Ўзбекистон президенти томонидан шу йилнинг 4 сентябрида имзоланган қонун билан мамлакат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартишда акс этган.
Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-канали қайдича, қонун билан мазкур кодексга сиёсий партияларга сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари бўйича Марказий сайлов комиссиясига оралиқ ёки якуний ҳисоботни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча ҳам киритилган.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши айтилган.
Ўзбекистонда галдаги сайловлар (парламент сайлови) жорий йилнинг 27 октябрида ўтказилиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан буён иккинчи парламент сайлови бўлади.
Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтадаги нутқида бу галги парламент сайлови “халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда, кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтиши”га ишонч билдирган эди.
Мирзиёев ўз бошқарувининг илк даврида сиёсий ислоҳотлар ўтказиш, жумладан, мухолиф партияларга йўл бериш ҳақида гапирган, аммо ҳозиргача Каримовдан қолган сиёсий тузумни ўзгартириш йўлида бирон жиддий қадам қўйган эмас.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ислоҳ қилиш учун “баъзи қадамлар”ни қўйгандан сўнг “ислоҳотларнинг ушбу руҳи”ни сайловларга “юқтира олмаган”ини Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам 2019 йилдаги ўз баёнотида эътироф этган эди.
Умуман олганда, Ўзбекистонда мустақиллик даврида бўлиб ўтган барча сайловлар нуфузли халқаро ташкилотлар, шу жумладан ЕХҲТ кузатувчилари томонидан бирон марта ҳам “тўлалигича халқаро стандартларга мувофиқ”, тенг рақобат асосида ва қонунбузарликсиз ўтган, дея тан олинган эмас. Кузатувчилар бу қонунбузарликлар орасида бошқалари қатори бир кишига бир неча марта сайлов бюллетени берилгани ва бир кишининг бошқа шахс номидан овоз бергани каби ҳолатларни ҳам қайд этишган.