Жорий йилнинг биринчи ярмида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан миграцион қонунчилик бузилишини аниқлашга қаратилган 176 мингта рейд ўтказилган, улар асосида 92 минг нафар хорижликни мамлакатдан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқарилган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Ирина Волк Telegram тармоғидаги ўз канали орқали маълумот тарқатди.
ИИВ мулозимасига кўра, биринчи ярим йилликда хорижликларни Россия ҳудудига киритмаслик бўйича 143 мингта қарор чиқарилган.
Шунингдек, ҳисобот даврида 5,5 мингдан зиёд мигрант хорижликларни вақтинча сақлаш марказларига жойлаштирилган.
Ирина Волк Россияда миграция жараёни устидан назорат кучайтирилгани ортидан иш берувчилар мигрантлар билан меҳнат шартномалари тузилаётгани ҳақида расмийларни кўпроқ хабардор қила бошлаганини қайд этган.
Шу йил баҳорида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир бўлган терактдан кейин маҳаллий расмийлар террорчиликни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар важи билан ва кўпинча арзирли сабабсиз минглаб мигрантни Россия Федерацияси ҳудудига киритган эмас. Россиялик расмийлар мазкур теракт Тожикистон фуқаролари томонидан содир этилганини иддао қилмоқда.
Озодлик ўтган ой Давлат думаси Россияда миграция назоратини кучайтирувчи қонун лойиҳалари пакетини қабул қилгани, янги тартибга кўра, хусусан, полициячиларга хорижликларни мамлакатдан бадарға қилиш ҳақида қарор чиқаришга рухсат берилгани ҳақида хабар қилган эди.