Жорий йилнинг 6−12 май кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган очиқ биржа савдолари якунлари кўра техник пахта чигитининг биржадаги нархи 31,2 фоизга пасайиб, 12 май ҳолатига кўра маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 3 миллион 403 минг 900 сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UzEx) маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, ўтган ҳафта ичида биржа савдоларига сотувчи-корхоналар томонидан 7 961 тонна пахта чигити қўйилган ва улардан 5 903 минг тоннаси, яъни 74,1 фоизи сотилган.
“Техник пахта чигитининг биржадаги нархларини пасайишига унинг бошланғич нархларини сотувчи-корхоналар, яъни пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пасайтирилганлиги ўз ижобий таъсирини ўтказди”, дейилган UzEx хабарномасида.
Техник пахта чигити нархининг пасайиши оқибатида пахта ёғининг бошланғич қиймати ва биржадаги нархлари ҳам пасайган. Хусусан, ўтган даврда пахта ёғининг бошланғич нархи ўртача 5,3 фоизга, биржа савдолари натижасида шаклланган нархи эса 11,3 фоизга пасайиб, бугунги кунда маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 миллион 739 минг 300 сўмни ташкил қилмоқда.
Аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси биржада техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш аломатлари билан 34 та пахта кластерига нисбатан иш қўзғатгани ҳақида хабар қилган эдик.