Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларини Россияга сафар қилишдан тийилиб туришга чақирди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинган.
Қирғиз дипломатлари “Россияга киришни ёппасига рад этиш ҳолатлари”ни қайд этмаётганлари, бироқ “Россия Федерациясидаги жорий вазият ва унинг Қирғизистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқий ҳолатига таъсирини кузатаётганлари”ни билдиришган.
“Айни пайтда вазирлик Россия Федерациясига сафар қилиш учун жиддий асоси бўлмаган юртдошларга давлат чегарасидаги кучайтирилган назорат билан ўтказиш тартиби ҳамда киритилган қўшимча хавфсизлик чоралари бекор қилингунига қадар яна бир бор бу мамлакатга сафар қилишдан вақтинча тийилиб туришни, сафарга чиқишга зарурат туғилган тақдирда эса Россия Федерацияси ҳудудига киришда чеклов бор-йўқлигини олдиндан текширишни тавсия қилади”, дейилган ТИВ хабарномасида.
Аввалро Тожикистон ТИВ ўз фуқароларига шу каби огоҳлантирув билан мурожаат қилган эди. Вазирлик фуқароларга Россияга кириш асоссиз рад этилаётгани, бу “оммавий тус олгани”ни ҳам урғулаган. Апрель ойи охирида эса ТИВ Россияга кирмоқчи бўлган мингдан зиёд тожикистонлик Москва аэропортларида тутиб турилгани ҳақида баёнот берган.
Тожикистон ва Марказий Осиё минтақасининг бошқа мамлакатлари фуқаролари Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залидаги теракт ортидан Россияда ксенофобиянинг янги тўлқинига дуч келишган. Мазкур иш бўйича ҳибсга олинганларнинг кўпчилигини Тожикистон фуқаролари ташкил этади.