Бишкекда қўлга олинган россиялик икки фаол- Алёна Крилова ва Лев Скорякин Қирғизистон ҳукуматига бошпана сўраб мурожаат қилди. Уларнинг бу борадаги аризаси Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигига 12 июнда расман топширилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига фаолларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган «Адилет» юридик клиникаси ходими Марат Қидиров маълум қилди.
Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги уларнинг аризасини ўрганиб чиқиб, бошпана бериш ёки илтимосни рад этиш юзасидан қарор чиқаради.
Москвадаги «Инсон ҳуқуқлари учун» ҳаракатининг собиқ матбуот котиби Алёна Крилова 4 июнда, “Сўл блок” ҳаракати фаолия Лев Скорякин 9 июнда Бишкекда ушланган эди.
Алёна Крилова Россия ҳукумати томонидан экстремистик деб топилган «Сўл қаршилик» ҳаракати фаолиятида иштирок этганликда айбланмоқда. У 6 июнда Бишкек шаҳар суди қарори билан эҳтиёт чораси сифатида 4 июлгача қамоққа олинган.
6 июнда Қирғизистон Россияга Свердловск вилоятидаги военкоматлардан бирига ўт қўйганликда гумонланаётган Алексей Рожковни экстрадиция қилди.