Бишкек милицияси 13 май куни Огонбаев кўчасидаги хорижликлар яшаган ҳостелга ҳужумда гумонланган уч киши қўлга олинганини маълум қилди.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2005 ва 2006 йилда туғилган гумонланувчилар вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган, улар “босқинчилик”да гумонланмоқда.
Милиция баёнига кўра, 2024 йилнинг 13 майга ўтар кечаси соат 02:00 да бир гуруҳ йигитлар Бишкекнинг “Восток-5” мавзеида хорижлик талабаларни учратиб, улардан сигарет сўрашган. Ур-калтак бошланганидан кейин чет эллик талабалар воқеа жойида қочиб, ўзлари яшайдиган Огонбаева кўчасидаги ётоқхона ичига кириб олишга муваффақ бўлишган.
“Хорижлик талабаларнинг орқасида қувиб келган йигитлар гуруҳи Огонбаева кўчасидаги ётоқхонага бостириб кириб, у ерда яшайдиган хорижликларга нисбатан куч қўллаб, уларнинг пуллари ва ашёларини тортиб олган. Ётоқхонада яшаган хорижлик фуқаролар йиғилишиб, ҳужумчиларни ҳайдаб чиқаришга уринишган, улар ўзаро муштлашиб кетишган. Муштлашув ётоқхона ҳовлисида содир бўлган, ҳужумчилар ўзларининг бир шеригини ташлаб, қочиб кетишган”, дейилган ҳуқуқ-тартиботчилар хабарномасида.
Аввалроқ 13 майдаги муштлашувда иштирок этган тўрт нафар мисрлик ушланган эди. Уларга “безорилик” моддаси бўйича айблов эълон қилинган, суд уларни уй қамоғига чиқарган.
Бир ҳафта муқаддам ҳостелда содир бўлган муштлашув видеоси ижтимоий тармоқларда 17 май куни тарқалган, ўша туннинг ўзида Қирғизистонда тартибсизликлар содир бўлган. Бишкекдаги тартибсизлик иштирокчилари хорижлик талабалар яшаган ётоқхоналардан бирига ҳужум қилишган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 майга ўтар кечаси содир бўлган ҳодиса ортидан 41 нафар жабрланувчи тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганини маълум қилган.
Вазирлик маълумотига кўра, 20 майга келиб улардан 11 нафари касалхонада муолажа олмоқда.