Бишкек Ички ишлар бош бошқармаси Қирғизистон пойтахтида жинсий зўравонликда гумонланган милиция ходими қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди.
Маълумотларга кўра, 6 февраль куни ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилган 24 ёшли аёл бир кун аввал Бишкекдаги меҳмонхонада уни номаълум эркак куч ва таҳдидлар билан зўрлагани ҳақида билдирган.
Қайд этилишича, ИИВ Ички тергов бошқармаси ва Октябрь туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида гумонланувчи ўлароқ милиция лейтенанти К.У. қўлга олинган. Ҳодиса юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 154-моддаси (“Зўрлаш”) бўйича жиноят иши очилган.
Аввалроқ 2022 йилда милиция ходимлари аралашувида 13 яшар қизчанинг зўрланиши билан боғлиқ шов-шувли ҳодиса рўй берганди. Ўша йилнинг август ойида Бишкекнинг Свердлов тумани суди уларга нисбатан ҳукм чиқарган. Жинсий зўравонликда гумонланган милициянинг икки ходими 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган, бу ишга алоқадорлиги тахмин қилинган яна бир киши 10 йилга қамалган.
Бундан ташқари, судланувчиларнинг ҳар бирига маънавий зарарни қоплаш учун жабрланувчи тарафга 100 минг сўмдан товон пули тўлаш юклатилган.