Бишкекдаги Биринчи май туман суди Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганликда айбланган қирғизистонликни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, ҳукм матни суд ҳужжатлари ва мажлислари сайтида чоп этилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, Отбоши туманида туғилган 31 ёшли йигит Қирғизистон Жиноят кодексининг 416-моддаси (“Ёлланиш”) 2-қисмида кўзда тутилган “Давлат ҳокимиятининг тегишли идоралари рухсатисиз моддий манфаат топиш мақсадида бошқа давлатларнинг қуролли можароларида иштирок этиш” жиноятини содир этганликда айбдор деб топилган.
Тергов маълумотларига кўра, судланувчи 2022 йил июнида Москвада бўлиб турган пайтда Украинадаги урушда иштирок этиш учун ўзини мустақил деб эълон қилиб олган “Луганск халқ республикаси” қуролли гуруҳлари сафига қўшилишга қарор қилган. Июль ойида у Брянка шаҳри етиб бориб, ойига 180 минг рубль ҳақ эвазига ҳарбий хизматга кирган. Билдирилишича, ҳарбий хизматга кирганидан кейин у разведка амалиётларида иштирок этган, жанговар тайёргарлик курсидан ўтган, жабҳа чизиғида миномёт ва ўқ-дори таъминоти билан шуғулланган.
Тергов маълумотларида қирғизистонлик 2022 йил ноябрида ҳарбий хизматдан бўшаб, аввал Москвага боргани, кейин эса Бишкекка қайтгани қайд этилган.
Судланувчи судда ўзига қўйилган айбловни тан олган эмас. Унга кўра, у ҳарбий хизматга Россия паспортини қўлга киритиш учун ёлланган. Йигит “ЛХР” ҳудудида юрган 5 ой ичида жанговар ҳаракатларида иштирок этмагани, доим ҳарбий комиссариатда бўлганини билдирган. Унинг айтишича, Қирғизистонга олиб келган 180 минг сўмни у ўзи жамғарган, ҳарбий хизмат учун эса пул олган эмас.
Ҳукмга мувофиқ, суд тергов чоғида йиғилган далилларни гумонланувчини айбдор деб тан олиниши учун етарли деб ҳисоблаган. Унга нисбатан жазони умумий тартибдаги колонияда ўташ шарти билан 10 йиллик қамоқ жазоси тайин қилинган.
К.у.А. исмли шахс Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этганликда гумонланиб, қўлга олингани ҳақида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси жорий йил январида маълумот тарқатган эди. Ўшандан буён ўтган тўрт ой ичида у тергов ҳибсхонасида тутиб турилган.
Аввалроқ Озодлик Россия президенти Путин ўз армияси билан ҳарбий хизмат бўйича шартнома тузган чет элликларга осонлаштирилган тартибда паспорт беришга оид фармон имзолагани ҳақида хабар қилган эди.