Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2022 йил 31 декабригача мазкур туманда митинглар ўтказишга тақиқ муддати узайтирилишини қонуний деб топди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати туман суди матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Қайд этилишича, 2022 йилнинг 1 декабридан 31 декабригача туманнинг бир қанча жойида, шу жумладан Эркиндик хиёбонида оммавий йиғилишлар ўтказишга тақиқ жорий этилган.
Шу тариқа Ала-Тоо майдони, Эркинлик хиёбони, парламент, президент маъмурияти, Олий суд, Қирғизистондаги Россия элчихонаси ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси олдида оммавий тадбирлар ўтказишга тақиқ киритилган. Айни пайтда мазкур чекловларнинг Ала-Тоо майдонидаги давлат ва муниципалитет томонидан ўтказиладиган тадбирларга дахли йўқ. Шаҳарликлар аввалда бўлгани каби ҳозир ҳам Горький хиёбони ҳудудида митинг қилиш ҳуқуқига эга.
Биринчи май туман суди шу йилнинг 11 март куни ТИИБнинг тумандаги айрим жойларда акция ва митинглар ўтказишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори қонунийлигини тасдиқлаган. Сентябрь ойида Биринчи май туманида митинглар ўтказишга тақиқ муддати 1 декабргача узайтирилган.
Шу йилнинг 25 ноябрь куни Бишкекдаги Эркиндик хиёбонида #Reакция деб номланган тинч норозилик акцияси бўлиб ўтган, тадбир иштирокчилари Қирғизистондан депортация қилинган журналист Болот Темировни ватанига қайтариш ҳамда сўз эркинлигига босимни тўхтатишни талаб қилиб чиқишган эди.