Блинкен: АҚШ Грузияда молиявий ёрдамни тўхтатади

Хорижий таъсир тўғрисидаги қонун қабул қилинишига қарши Тбилисида ўтган митингдан лавҳа, 2024 йил апрели

АҚШ Грузияга молиявий ёрдамни тўхтатади, мамлакатни ўзи учун мўлжалланган 95 миллион долларлик траншни олмайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Сингапурда бўлиб ўтган конференцияда билдирди.

Вашингтон билан Тбилиси ўртасидаги алоқалар совиб кетишига Грузия парламенти томонидан шу йил май ойида қабул қилинган “хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонун сабаб бўлган. Европадаги кўплаб расмийлар ҳамда Грузия мухолифатчилари каби АҚШ вакиллари ҳам бу қонун демократия тамойилларига зид ва ундан сиёсий қатағонлар воситаси ўлароқ фойдаланилади, деб ҳисоблашади. Мазкур қонун Россияда амалда бўлган “хорижий агентлар”га оид қонун билан тенглаштирилмоқда.

Блинкен Грузия ҳукуматини Европа Иттифоқи ва НАТО меъёрларига тўғри келмайдиган “аксилдемократик хатти-ҳаракатлар ва ёлғон баёнотлар”да ҳам айблаган. Грузия ЕИга ҳам, НАТОга ҳам аъзо эмас, бироқ уларга аъзо бўлишга уринмоқда.

Аввалроқ АҚШ Грузия билан алоқаларни қайта кўриб чиқиши ҳамда демократик тамойиллар бузилишига алоқадор кўрилган грузиялик сиёсатчилар ва уларнинг оила аъзоларига қарши санкциялар жорий қилишини эълон қилган.

Грузияда хорижий таъсир тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан кейин Европа Иттифоқи унинг муҳтамал интеграцияси жараёнини тўхтатиб, Тбилисига 30 миллион евро миқдоридаги ҳарбий ёрдамни музлатиб қўйган.

“Грузия орзуси” ҳукмрон партияси бунга жавобан АҚШ грузиялик расмийларни шантаж қилиш ва мамлакат мустақиллигини чеклаш учун уларга босим пишангларини ишга солаётганини билдирган.