Блинкен: АҚШнинг Украинага ёрдамидаги узилиш аллақачон фронтда ҳис этила бошлади

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен (ў) НАТО бош котиби Йенс Столтенберг (ч) билан, Вашингтон, 2024 йил 30 январи

Қўшма Штатлар Конгресси жорий йил учун маблағ ажратишни ҳали маъқулламагани туфайли АҚШнинг Украинага ёрдами тўхтаб қолиши аллақачон жанг майдонида муайян оқибатларга олиб келган. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан биргаликда Вашингтонда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида билдирди.

Блинкен “оқибатлар” деганда нимани назарда тутганини очиқлаган эмас. Фронтдан келаётган маълумотларга кўра, ҳозирда кўплаб участкаларда ташаббус Россия қўшинлари қўлига ўтган. Улар Авдеевка, Бахмут ва Купянск яқинларида ҳужумларга ўтишмоқда. Бироқ сўнгги ойда бирор-бир жиддий тактик муваффақият ёки фронт чизиғини ёриб ўтишга эришилган эмас.

Аввалроқ Америка нашрлари манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда АҚШ президенти Жо Байденнинг Конгресс лидерлари билан яқиндаги учрашувида разведка ҳамжамияти вакиллари, агар ёрдам ажратилмайдиган бўлса, Украинага яқин ой ёки ҳатто ҳафталарда ҳарбий мағлубиятга учраш хавф солиши мумкинлигини таъкидлашгани ҳақида ёзишган. Украина Қуролли кучларига, хусусан, артиллерия тизимлари ва ҳаводан мудофаа тизимларига ўқ-дори ўта зарур.

Европадаги қатор мамлакатлар Украинага қурол-аслаҳа етказиб бериш ва бошқа ёрдам кўрсатишни давом эттиришмоқда, бироқ АҚШ иштирокисиз бу ёрдам ҳажми ўтган йилдагидан анча камдир.

Агар Қўшма Штатлар мажбуриятларимизни бажармаса, бу ҳол европаликлар ва бошқа мамлакатларга ҳозирда амалга ошираётган ишларини давом эттириш имкониятини қийинлаштиради”, деган Блинкен.

Конгрессдаги республикачилар Жо Байден маъмурияти Украинага ёрдам ўлароқ сўраган 61 миллион долларни миграцион сиёсатни кескинлаштириш билан боғлаб қўйишган. Маъмурият томонидан таклиф этилаётган муросавий йўллар ҳозирча республикачиларга мақбул келаётгани йўқ. Столтенберг Украинага ёрдам масаласи бўйича Конгресс аъзолари билан музокара олиб боришини билдирган.