Блинкен Киевда РФга зарба беришда узоқ масофали ракеталардан фойдаланиш масаласини муҳокама қилди

Блинкен ва Лэмми Киевда, 2024 йил 11 сентябри

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми 11 сентябрь оқшомида Киевда Украина президенти Владимир Зеленский, ТИВ раҳбари Андрей Сибига ва украиналик бошқа расмийлар билан музокаралар олиб боришган.

Давлат котиби учрашувларда Россия ичкарисидаги ҳадафларга Ғарбнинг узоқ масофали аслаҳалари билан зарба бериш бўйича Украина учун қўйилган чекловларни олиб ташлаш эҳтимоли ҳам муҳокама қилинганини тасдиқлади. Блинкен бу борадаги мунозара мазмунини АҚШ президенти Жо Байденга етказишини билдирди.

Давлат котиби Россиядаги ҳадафларга зарба беришда узоқ масофали аслаҳалардан фойдаланиш эскалацияга олиб келиши мумкинлиги юзасидан хавотирлар борлигини қайд этди. Айни пайтда, Блинкенга кўра, бу эътиборга олиниши лозим бўлган ягона омил эмас.

The Guardian газетаси чоршанба оқшомида Британия ҳукуматидаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, Лондон Россия ичкарисидаги ҳадафларга зарба беришда Украинага Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишга рухсат бериш қарорини қабул қилиб бўлганига оид иддаони ўртага ташлади. Нашр Блинкеннинг сўзлари АҚШ томонидан ҳам шунга ўхшаш қарорлар қабул қилинганига ишора қилишини қайд этган. Газетага кўра, агар шундай қарор қабул қилинмаганида, Блинкен ва Лэмми Киевга сафар қилиб ўтирмаган бўларди. Бироқ бу ҳозирча очиқчасига эълон қилинмайди. Бундан ташқари, нашрнинг ёзишича, “мулоҳазасиз ва кераксиз” ракета зарбаларига йўл бермаслик учун қатор чекловлар сақлаб қолиниши мумкин.

Сентябрь ойида Вашингтонда Байден ва Зеленский учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда. Украина президенти аввалроқ мазкур учрашувда АҚШ президентига Россия билан урушда Украинани ғалабага олиб борувчи ҳаракат режасини тақдим этилишини билдирган эди. 11 сентябрь куни Зеленский режанинг амалга ошиши АҚШ ёрдамига ҳам боғлиқ эканини тасдиқлаган.

Украина расмийлари ўз Қуролли кучларига Россияга узоқ масофали аслаҳа билан зарба беришга рухсат бериш зарурлигини урғулаб келишмоқда. Вашингтон ҳам, Лондон ҳам бу чекловлар бекор қилингани ҳақида расман эълон қилгани йўқ, бироқ куни кеча президент Байден ҳам, Блинкен ҳам бу борадаги сиёсат қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги ҳақида муҳокамалар олиб борилаётганини билдиришган.

АҚШ Давлат котиби Қўшма Штатлар томонидан Киевга 700 миллион долларлик янги ёрдам пакети берилишини ҳам билдирган. Бу ерда гап энергетика ва гуманитар соҳадаги ёрдам ҳақида бормоқда. Британия ҳам Украинага 780 миллион доллар қийматга эга бўлган янги ёрдам пакетини ваъда қилган.

Биз аввалгидек Украинанинг ғалаба қилиши ғоясига содиқмиз. Бизнинг Путинга жамоавий муждамиз дастагимиз сусаймаслигидан иборатдир”, дея билдирган Блинкен музокаралар олдидан.

Украина ТИВ раҳбари Сибига бу музокараларни “тафсилотли ва самарали” деб атаган. У қурол-аслаҳа, шу жумладан ҳавога қарши мудофаа воситалари етказиб бериш масаласи муҳокама қилинганини билдириб, узоқ масофали аслаҳадан фойдаланишга қўйилган чекловни олиб ташлашга чақирган.

АҚШ ва Украинанинг бошқа иттифоқчилари зиддият эскалацияси ёки ядровий урушдан хавфсираб, Россияга қарши узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат бермай туришибди. Айни пайтда, The Times нашрининг ёзишича, Британия ва Франция Украинага ўзининг 560 километр масофага учиб бориши мумкин бўлган Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишга рухсат беришга тайёр, бироқ улар аввалроқ Украинага радиуси 300 километргача бўлган ATACMS ракеталарини етказиб берган АҚШ қарорини кутиб туришибди. Бу ракеталар олдинроқ аннексия қилинган Қрим ва Россия томонидан ишғол қилинган бошқа ҳудудлардаги ҳадафларга зарба бериш учун қўлланилган, аммо улар билан бевосита Россияга тегишли бўлган ҳудудларга ҳали зарба берилганича йўқ.