Россияга қарши янги санкцияларни зудлик билан жорий этилиши Ғарбнинг Россия армияси Украина ҳудудига кенг кўламда бостириб киришининг олдини олиш имкониятига путур етказади. Бу мулоҳазани АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 23 январь куни CNN телеканалига берган интервьюсида билдирган.
“Санкциялардан мақсад – Россияни тажовуздан тийиб туриш. Агар улар ҳозир амалга киритилса, тийиб туриш эффектини йўқотасиз”, деган давлат котиби Украина президенти Зеленскийнинг бостириб киришини кутмасдан Россияга қарши янги чекловлар жорий этиш ташаббуси юзасидан изоҳ бераркан.
АҚШ президенти Жо Байден ва давлат котиби Энтони Блинкен кенг миқёсда ҳужум бошлаган тақдирда Россия мисли кўрилмаган санкцияларга дуч келиши ҳақида аввал бир неча бор баёнот беришган. Мухолифатдаги республикачилар партияси янги санкцияларни пайсалга солаётгани учун Байден маъмуриятини танқид қилиб келади.
Хусусан, сенатор Жони Эрнстга кўра, “санкцияларни ҳозироқ жорий этиш керак. Президент Путин фақат куч ва қудратни билади. Америка собит қатъиятини кўрсатиб қўйиши лозим”.
Декабрь ойида CNN манбалари Москвага қарши ҳозирланган янги санкциялар Эрон ва Шимолий Кореяга қарши жорий этилган чекловлардан сўнг “тарихдаги энг кескин санкциялар” бўлишини айтганлар. Бироқ республикачилар қистовига қарамай, санкциялар рўйхати эълон қилинмаяпти.
CNNга берган интервьюсида Блинкен Россия қуролли кучларининг “ақалли битта” янги бирлиги Украина ҳудудида пайдо бўлса, АҚШ ва Европа тарафидан “тезкор, беаёв ва умумий зарба” берилишини айтган.