АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен The New York Times нашрига берган катта интервьюсида бошқа масалалар қатори Украинадаги уруш ва уни тўхтатиш имкониятлари масаласига ҳам тўхталган.
“Биз Россия ҳамкорликка тайёрлигига ишора қилувчи ҳеч қанақа аломат кўрмаяпмиз”, деган Блинкен “агар оташкесим бўлса, у Путинга нафас ростлаб олиб ва қайта қуролланиб, яна ҳужумга ўтиш учун вақт бериши”ни урғулаган.
Блинкен баёноти жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан сўнгги пайтларда Украина келажаги ҳақида АҚШ билан Россия ўртасида парда ортида ўтказилаётган муҳтамал музокараларга оид хабарлар тарқатилаётгани манзарасида янгради.
Айни пайтда интервьюда Блинкен АҚШ президенти лавозимини тарк этаётган Жо Байден маъмуриятининг “муваффақиятлар”и ҳақида сўз юритган. Давлат котиби фикрича, айнан ўзи ишлаётган маъмурият саъй-ҳаракатлари Украинанинг “оёқда қолиши”га имкон берган, ҳозирда кузатилаётган фронт чизиғи эса “энди сезиларли даражада ўзгармаса керак”.
Блинкен ўзи мансуб бўлган маъмурият энг аввало Украина давлатини қолдираётгани, чунки Путин бу мамлакатни харитадан ўчириб ташлашни истаганини урғулаган.
“Биз Путинни тўхтатиб қолдик. У муваффақиятсизликка учради. Украина жойида турибди. Мен унинг нафақат ҳаётда қолиш, балки келажакда гуллаб-яшнаш потенциали бор, деб ўйлайман”, деган АҚШ Давлат котиби.
Шу билан бирга, Блинкен уруш бошидан бери Байден маъмурияти “Россия билан тўғридан-тўғри можарога йўл қўймаслик учун” қўлидан келган барча ишни қилганини эътироф этган.
Интервью президент Байден ва унинг Блинкен дохил бутун маъмурияти ваколатлари муддати тугашига икки ҳафта қолганида чоп қилинган.