АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 1 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказган музокараларида Тошкентни инсон ҳуқуқларига кўпроқ эътибор қаратишга ва Нукус воқеалари юзасидан шаффоф тергов ўтказишга чақирди. Бу ҳақда AFP хабар қилди.
Блинкен Мирзиёев билан учрашувида иқтисодий ислоҳотлар ва чекланган тарзда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар масаласини муҳокама қилган. АҚШ расмийси Ўзбекистонда пахта теримида болалар мажбурий меҳнатига қарши курашни олқишлади.
“Биз ҳукумат билан бу каби ислоҳотлар бошқа соҳаларда ҳам амалга оширилишида ҳамкорлик қилишдан умидвормиз. Жумладан, диний эркинликлар, матбуот ва сўз эркинлиги ҳамда аҳолининг заиф қатламини ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши шулар жумласидандир”, - деди Блинкен.
Давлат котиби Мирзиёев билан учрашуви чоғида президент муддатини узайтиришга қаратилган баҳсли конституциявий ислоҳот масаласида ҳам сўзлашган.
"Мирзиеевга учинчи муддатга сайланиш имконини берувчи мунозарали конституциявия ислохотлар мухокама этилган" дейилган хабарда.
Вашингтон расмийси Тошкентда журналистлар саволларига жавоб берар экан, Нукусдаги 1-2 июль воқеаларида куч ишлатар органлар томонидан инсон ҳуқуқларини бузилганига оид маълумотлар очиқ ва шаффоф тергов қилиниши муҳим эканини айтди.
Нукус воқеаларида 21 киши ҳалок бўлгани, 243 киши яралангани хабар қилинган эди. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан камида 500 киши ҳибс қилинган.
Блинкен Остонада 28 февраль куни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида ўтган С5+1 саммитидан сўнг 28 февраль куни Тошкентга келганди. У давлат котиби бўлганидан бери илк марта Ўзбекистонга ташриф қилди.