АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Марказий Осиё давлатларининг Москвадан қарамлигини озайтиришга кўмаклашишини билдирди.
Блинкен Остонада 28 февраль куни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида ўтган С5+1 саммитида савдо йўлларини диверсификациялашга ва минтақада ишчи ўринлари ташкил этилишига 25 миллион доллар ажратилишини айтди.
Москванинг Украинага босқини фонида Блинкен Вашингтон Марказий Осиё давлатлари “мустақиллигини, суверенитетини ва ҳудудий яҳлитлигини” қўллаб-қувватлашда давом этишини эълон қилди.
Блинкен мазкур учрашувдан сўнг 28 февраль куни Тошкентга келди. У давлат котиби бўлганидан бери илк марта Ўзбекистонга ташриф қилмоқда. 1 март куни Блинкен Ўзбекистон расмийлари билан учрашиши кутилмоқда.
Шундан сўнг у Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрига жўнаб кетади. У ерда Блинкен “Катта йигирматалик” ташқи ишлар вазирлари саммитида иштирок этади.