АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 13 сентябрдан Конгресснинг Намояндалар палатаси халқаро алоқалар бўйича қўмитасида Афғонистондан америкалик ҳарбийларнинг олиб чиқилишига бағишланган тингловларда саволларга жавоб бера бошлади.
Унда республикачилар партиясига мансуб депутатлар президент Жо Байденнинг сўнгги кунлардаги хатти-ҳаракатларига оид саволларни бермоқдалар. Демократик партияга мансуб депутатлар эса, “Америка овози” қайдича, асосан аввалги президентлар (Жорж Буш, Дональд Трамп, Барак Обама) давридаги хатти-ҳаракатларга эътибор қаратишмоқда.
Блинкен қонун чиқарувчиларга Афғонистонда АҚШ қўшинларини олиб чиқиш бўйича “Толибон” ҳаракати билан келишувга аввалги маъмурият (Дональд Трамп маъмурияти) даврида эришилганини эслатган. Унга кўра, Байден қасамёдга келтирилган пайтда толиблар 2001 йил 11 сентябридан бери энг кучли ҳарбий мавқега эга бўлишган, АҚШнинг эса бу вақтга келиб Афғонистонда 2001 йилдан бери энг кам аскари қолган эди.
Афғонистондан америкаликлар ва чорасиз қолган афғонистонликларни эвакуация қилиш уринишлари тўғрисида гапира туриб, Блинкен Қўшма Штатлар бу жараёнга аввалдан тайёрлана бошлаганини қайд этган. Бироқ, унга кўра, эвакуацияга ошиғич эҳтиёж туғилишига афғон хавфсизлик кучлари ва ҳукуматининг кутилмаганда қулаши сабаб бўлган.
“Йил давомида биз уларнинг ўз мавқеларини сақлаб қолиш салоҳиятини муттасил равишда баҳолаб, турли сценарийларни кўриб чиққанмиз. Бироқ энг пессимистик баҳолар ҳам Кобулдаги ҳукумат кучлари АҚШ кучлари мамлакатда бўлиб турган пайтда қулашини кўрсатган эмас”, деган Блинкен.
Сешанба куни АҚШ Давлат котиби Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитасида ҳисоб бериши кутилмоқда.