Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди 4 август куни блогер Абдуқодир Мўминовни 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Ҳукм билан у жазо муддатини умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, суд блогерни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топган.
Қамоқ жазосидан ташқари, суд ўз ҳукми билан Абдуқодир Мўминовни 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган.
Ҳукмга мувофиқ, судланувчидан жабрланувчилар фойдасига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳам кўзда тутилган.
Олий суд хабарномасида Абдуқодир Мўминов фирибгарлик даъвосига оид учта ҳолат бўйича айбсиз деб топилиб, оқлангани ҳам қайд этилган.
Хабарномада “биринчи инстанция ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжудлиги” қўшимча қилинган. Судланган блогер ёки унинг адвокати юқори инстанцияга ариза билан мурожаат қилиш нияти бор-йўқлиги ҳақида ҳозирча бирор маълумот мавжуд эмас.
Мирзиёев танқидчиси сифатида танилган блогер Абдуқодир Мўминов иши шу йил 25 июлидан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўриб чиқилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг бешта моддаси бўйича судланаётган бўлиб, ҳукм чиқарилган бугунги маҳкама Мўминов иши бўйича суд мажлисларининг тўртинчиси эди. Учинчи суд мажлисида прокурор суддан Абдуқодир Мўминовга 11 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраганди.
Озодлик манбалари қайдича, блогер иши бўйича аввалги уч маҳкама ва ҳукм ўқилган бугунги суд мажлисига ҳам Абдуқодирнинг яқинларидан бошқа кишилар, шу жумладан кўплаб журналист, блогер ва жамоатчилик фаоллари қўйилмаган. Маҳкама бошидан бери кузатилаётган бу ҳолат жамоатчилик орасида “Абдуқодир Мўминов суди ҳақиқатан ҳам очиқ ўтказилаяптими?” деган саволни ўртага чиқарган.
YouTube’даги “Кўзгу” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов жорий йилнинг 8 февралида “фирибгарлик” ва “товламачилик”да гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Беш ойдан буён ҳибсда сақланаётган ва бир неча марта адвокатдан воз кечган Мўминовнинг ўзига қўйилаётган айбловларни тан олиб-олмаганига оид тафсилотли маълумот йўқ. Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогер президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб бораётган суриштируви туфайли қўлга олинганига ишонишади.