Блогер Абдуқодир Мўминов иши бўйича Миробод туман судида 1 август куни бўлиб ўтган суд музокараларида прокурор судланувчига 11 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган. Бу ҳақда Газета.uz нашри Олий суд матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Хабарда прокурор томонидан Абдуқодир Мўминовга нисбатан БҲМнинг 400 баробари миқдорида (132 миллион сўм) жарима жазоси тайинлаш ва 3 йил давомида журналистик фаолиятни чеклаш ҳам сўралгани қайд этилган.
Мирзиёев танқидчиси сифатида танилган блогер Абдуқодир Мўминов иши шу йил 25 июлидан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида кўриб чиқилаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг бешта моддаси бўйича судланмоқда.
Озодлик манбалари қайдича, сешанба куни бўлиб ўтган учинчи суд мажлисига Абдуқодирнинг яқинларидан бошқа кишилар, шу жумладан кўплаб журналистлар қўйилмаган. Маҳкама бошидан бери кузатилаётган бу ҳолат жамоатчилик орасида “Абдуқодир Мўминов суди ҳақиқатан ҳам очиқ ўтказилаяптими?” деган саволни ўртага чиқарган.
YouTube’даги “Кўзгу” канали муаллифи Абдуқодир Мўминов жорий йилнинг 8 февралида “фирибгарлик” ва “товламачилик”да гумон қилиниб, ҳибсга олинганди. Беш ойдан буён ҳибсда сақланаётган ва бир неча марта адвокатдан воз кечган Мўминовнинг ўзига қўйилаётган айбловларни тан олиб-олмаганига оид тафсилотли маълумот йўқ. Ҳуқуқ фаоллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блогер президент Мирзиёевнинг куёвлари бизнеси ҳақида олиб бораётган суриштируви туфайли қўлга олинганига ишонишади.