Бош прокуратура ва “Ҳудудий электр тармоқлари” ширкати Андижон вилояти Улуғнор туманида блогер Фотима Жўраева электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтаклангани юзасидан текширув ишлари бошланганини 23 ноябрь куни маълум қилди.
Расман билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан махсус комиссия тузилган ва Улуғнор туманига юборилган. Текширув натижалари тўғрисида кейинроқ батафсил маълумот берилади.
22 ноябрь куни блогер Фотима Жўраева ўзининг Facebook саҳифасида Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтаклангани тўғрисидаги видеони жойлаштирган эди.
Блогернинг айтишича, у фермер хўжаликларидан бирининг электр энергиясидан қарздорлиги сунъий равишда оширилгани тўғрисидаги гумонларни текшириш учун Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонасига борган.
Фотима Жўраева корхона бош ҳисобчисидан тегишли ҳужжатларни кўрсатишни талаб қилган. Аммо бош ҳисобчи унга қўпол муомалада бўлган ва уни калтаклаган.