Шу йилнинг 24 февраль куни фарғоналик блогер Гули (Гулноз) Мирзаева Қашқадарё вилояти Муборак тумани ИИБ томонидан ҳибсга олинган. Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у товламачиликда гумон қилинмоқда.
Озодлик суҳбатлашган Муборак тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозими иддаосига кўра, Мирзаева "Муборак газни қайта ишлаш заводи раҳбарларини танқид қилмаслик эвазига пул талаб қилган".
Ҳозирда блогер ҳибсга олинган ва унга нисбатан терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аммо “Озодлик”да мазкур инцидентни тасдиқловчи маълумотлар мавжудмас. Айни пайтда мазкур ҳодиса юзасидан расмий изоҳ берилмади, жиноят иши тафсилотлари маълум эмас.
Гули Мирзаева ўзининг тармоқлардаги чиқишларида президент Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласи аъзолари, хусусан, тўнғич қизи Саида Мирзиёевани танқид қилиб келган.
У ўз чиқишларидан бирида блогерлар Абдуқодир Мўминов ҳамда Дилдора Боймуродоваларнинг қамалишини уларнинг президент ва унинг оиласига қаратилган танқидий чиқишлари билан боғлайди.
Блогер "Президент оиласини ҳашаматли уйлар қуриб, коррупция ва непотизмга берилганлик"да айблаган.
"Тараққиёт стратегиясини ўқиб чиқдим. Ундан ҳозирча юртимиздаги ягона инсон - тўнғич қизингиз Саида Мирзиёеванинг президент ёрдамчиси лавозимига ишга кўтарилгани ва тараққиёт сари қадам босгани гувоҳи бўлдим. Бошқа ҳеч қандай тараққиётни мен кўрмадим, сезмадим жаноб президент", дейди у ўтган йил 9 октябрида YouTube даги "Ҳақиқат истаб" каналига жойланган видеосида.
Ўзининг сўнгги видеоларидан бирида Мирзаева президент ёрдамчиси Саида Мирзиёевага мурожаат қилиб, (https://www.youtube.com/watch?v=nGsdJGzAYdE) Муборак газни қайта ишлаш заводидаги, ўз таъбирича, "коррупцион ҳолатлар" ҳақида гапирган.
Блогерга кўра, Муборак газни қайта ишлаш заводида "жуда кўп шахслар ишга келмасдан ойлик маошлари олишади". Мирзаева завод раҳбарияти уюшган жиноий гуруҳ тузганини иддао қилиб Саида Мирзиёевадан чора кўришни талаб қилади.
У шунингдек, ўзининг транспортга пули йўқлигини айтиб, Қашқадарё вилояти ҳокимлигига пиёда бораётганини таъкидлайди.
Мухолифат тарафдори
Мирзаева бундан олдинги чиқишларида мухолифатдаги "Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик" демократик партиясини расмий рўйхатдан ўтказишни талаб қилиб, партия тарафдорларини имзо тўплашда фаол бўлишга чақирган.
Норасмий "Ҳақиқат, Тараққиёт ва Бирдамлик" демократик партияси раҳбари, профессор Хидирназар Аллақулов Озодлик билан суҳбатда Гули Мирзаеванинг партия фаолиятини қўллаб-қувватлагани, аммо унинг на партия бошқаруви ва на унинг фаолиятига алоқадор эмаслигини таъкидлади.
Блогерни яқиндан таниган фаолларнинг айтишича, унинг қамалишига Муборак газни қайта ишлаш заводи фаолиятидаги коррупциявий ҳолатларни фош этишга урингани сабаб бўлган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Қашқадарёлик фаоллардан бирининг сўзларига кўра, "анчадан бери блогернинг чиқишларидан безор бўлиб, уни пойлаб юрган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни қўлга туширишга муваффақ бўлишган. Бироқ бунинг қандай амалга оширилгани ҳозирча маълум эмас".
Мирзаевани яқиндан таниган блогерлардан бирининг айтишича, у ўтган йил ёзида Ўзбекистонда судланган ва йирик миқдорда жаримага тортилган.
Ўша пайтда Россия Федерациясида яшаган Мирзаева Ўзбекистонга миграция хизмати томонидан мажбурий равишда депортация қилингани айтилади.
Охирги бир йилда Ўзбекистонда ўндан ортиқ блогер ва тармоқ фаоллари таъмагирлик ва президентни ҳақорат қилиш айблари билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.
Расмийлар блогерлар касбий фаолияти учун эмас, балки аксар ҳолларда иқтисодий ва молиявий жиноятлар учун жавобгарликка тортилганини урғулашади.
Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтган ой эълон қилган йиллик ҳисоботда Ўзбекистонда 2023 йилда инсон ҳуқуқлари вазияти сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ташкилотга кўра, йил давомида блогерлар ва журналистларнинг жиноий таъқиб этилгани мамлакатдаги сўз ва фикр эркинлигига жиддий зарба берган.
Ўзбекистон ўтган йили “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича рейтингида 2022 йилгидан 4 поғонага пастлаб, 137-ўринга тушган. Мамлакатда матбуот эркинлиги аҳволи “қийин” деб баҳоланган.