Блогер Комил Аҳмедов ҳибсга олинди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Фарғона вилояти Қўқон шаҳар бўлими ва Қўқон шаҳар ИИБ томонидан ўтказилган амалиёт чоғида блогер Комил Аҳмедов ҳибсга олинган. Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги исми очиқланмасликни сўраган манба маълум қилди.

Блогер Комил Ахмедов пости

Манбага кўра, Комил Аҳмедов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Қўқон шаҳар Чархий кўчасидаги кўп қаватли уйнинг пастида жойлашган 3-сонли дорихонада таъқиқланган психотроп дорилар сотилаётгани ҳақида хабар қилган. Дорихона мутасаддилари блогер билан боғланиб, хабарни ўчиришни сўрашган.

Хабарда шаҳардаги дорихоналарда трамадол, лирика сингари таъқиқланган препаратлар яширинча сотилаётгани айтилади.

Тергов органининг дастлабки суриштирувларига кўра, дорихона эгаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига блогер хабарни ўчириш учун 5000 АҚШ доллари талаб қилганини айтган ва у пулнинг бир қисмини олаётган пайтда ушланган.

Блогер Аҳмедовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар текшириш олиб борилмоқда.

Қўқон шаҳар ИИБнинг навбатчилик қисми блогерга оид бу ҳодисани тасдиқламади, бироқ инкор ҳам қилгани йўқ.

Ижтимоий тармоқларда блогер Комил Аҳмедовнинг ҳибсга олиниши жараёни акс этган видео тарқалди. Унда блогернинг қўлига кишан солингани ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари экани англашилган кишилар ҳамроҳлигида олиб кетилаётганини кўриш мумкин.

Блогернинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ бошқа тафсилотлар маълум эмас. Аммо ҳодиса ва расмий тергов ўтмишда бошқа блогерларга нисбатан илгари сурилган айбларни ёдга солади.

Биргина ўтган йилнинг ўзида Ўзбекистонда 10 дан зиёд блогер таъмагирлик айблови билан қамоққа ташланган.

Халқаро ташкилотлар ушбу жиноят ишлари сўз эркинлиги билан боғлиқ эканини таъкидлашади, аммо ўзбек расмийлари уларнинг блогерлик фаолияти учун эмас, балки жиноий қилмиши учун жазоланганини иддао қилиб келадилар.