Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси 2023 йил 13 декабрдаги ажрими билан блогер Лемара Мирзааҳмедовага нисбатан қуйи инстанция суди томонидан октябрь ойида чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдиришга қарор қилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди жорий 12 октябрида 47 ёшли Лемара Мирзааҳмедовани Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, уни 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди.
Мазкур ҳукм ортидан Лемара Мирзааҳмедова ва адвокатлари Зангиота туман суди ҳукми устидан апелляция тартибида шикоят беришган, бироқ юқори инстанция суди аризачилар шикоятини қаноатлантирилмай, биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилган.
Ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишлари билан танилган Эмине-Лемара Мирзааҳмедова жорий йилнинг 1 мартида ҳибсга олинган эди.
Икки фарзанди бор Мирзааҳмедовани яқиндан билганлар ўша пайтда унинг ҳибсга олинишини блогерлик фаолияти билан боғлашган. Айни пайтда мазкур ишдан хабардор бир манба блогерга қўйилган айбловлар унинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлигини иддао қилган.