Блогер Мурод Махсудов колониядан турмага ўтказилди

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭД тизимидаги 22-сонли умумий тартибли колонияда 7,5 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган блогер, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Мурод Махсудов жорий йилнинг 18 февраль куни Навоийдаги турмага ўтказилди. Бу ҳақда Озодликка маҳкумнинг яқинлари маълум қилишди.

Маҳкум М. Махсудов муассасада ўрнатилган ички тартиб қоидаларини бузиб келаётганлиги ва бир йил давомида икки маротаба интизомий жазога тартилганлиги сабабли колония бошлиғининг 13.02.2025 йилдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖИКнинг 105-моддаси ва 112(1)-моддасига асосан сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкум деб топилган”, дейилган жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани суди ажримида.

Маҳкум Мурод Махсудов ўталмай қолган 6 йил 2 ой 5 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини 2 йил қисмини ўташ учун турма тартибидаги колонияда ўтайди.

Қонунчиликка кўра, турмалар турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларни, шунингдек умумий ва қаттиқ тартибли колониялардан жазони ўташ тартибини ашаддий бузганлиги учун ўтказилган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган.

Халқаро ташкилотлар мазкур турдаги жазони ижро этиш муассасаларини ёпишни тавсия қилиб келади.

Блогернинг кекса педагог отаси Маъмуржон Махсудовга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари собиқ ходимлари учун қурилган 22-сонли махсус колонияда жазо муддатини ўтаётган Мурод Махсудов тинимсиз шикоятлари учун турмага юборилган.

Ўғлимни бир неча марта карцерга ташлашди. Унинг Омбудсман қутиларига ташлаган шикоятлари қонунга хилоф равишда қутиларни бузиб, махсус прокуратура олган. Буни қарангки, Омбудсман котибияти ходимлари ҳам қутиларнинг ҳатто бузилмаганини айтиб ўтирибди. Шундай бўлгач, бизни ким эшитади?” деди Маъмуржон Махсудов.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида коррупция ва непотизм жиноятлари ҳақида ёзган блогер М. Махсудов жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан 2024 йил 14 июнь куни чиқарилган ҳукмга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “б, г” бандлари, 165-моддаси 2-қисми “б” банди ва 139-моддаси 3-қисми “а, г” бандлари билан айбли деб топилиб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.