Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди 1 декабрь куни блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан ҳукмни эълон қилди.
Олий суднинг билдиришича, Ҳайдаров Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Мазкур айбловлар асосида у 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. У жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Олимжон Ҳайдаровдан 165-моддасининг 2-қисми “а” “б” бандлари (Такроран ёки хавфли рецедивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этиш айблови олиб ташланди.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги О. Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилишини таъминлаш юклатилди.
Жабрланувчи С. М. га жиноят оқибатида етказилган моддий зарар ундириш бўйича тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаганлиги сабабли, моддий ва маънавий зарар ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.
Биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқига эга.
Водил шаҳарчасида ўтказилган судда 25 ноябрь куни прокурор Мирзоҳид Эрматов Олимжон Ҳайдаровни Жиноят кодексининг унга нисбатан қўлланган барча бандлари бўйича айбдор деб топиш ва 9 йилу 6 ойга озоликдан маҳрум қилиш, жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ ва "жабрланувчилар" фойдасига 50 миллион сўм миқдорида моддий зарар ундиришни сўраган эди.
Судда асосан, Олимжон Ҳайдаров ўз чиқишларида танқид қилган маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, жумладан, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, шунингдек, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИББ ходими ҳамда Фарғона вилоятидаги бозорлардан бирининг таъсисчиси Ҳайдаровга қарши кўрсатма берган.
Олимжон Ҳайдаров шу йилнинг 29 июлида салбий мазмундаги мақолани тарқатмаслик эвазига «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан 10 минг доллар талаб қилганликда гумонланиб ҳибсга олинган. У Фарғона вилояти ИИБ ва Қўқон шаҳар прокуратураси қошидаги Департамент ходимлари иштирокидаги махсус амалиёт даврида махсус кимёвий ишлов берилган пул билан ушланган.
Олимжон Ҳайдаров ҳибсга олинганидан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда эълон қилинган баёнотида ўзини “сиёсий маҳбус” деб атаганди.
Блогернинг иддаосича, унинг қамалиши тўғридан-тўғри касбий- профессионал фаолияти билан боғлиқ. У ўз фаолияти даврида йирик коррупцион схемаларни фош қилганини айтган.