Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ҳукми билан блогер Отабек Аҳлиддинов 7,1 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Отабек Аҳлиддинов Ўзбекистон ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.
Отабек Аҳлиддинов Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги марказий поликлиникада бўлим раҳбари лавозимида ишлаган. Айблов хулосасига кўра, Аҳлиддинов 200 миллион сўмдан ортиқ пулни ўзлаштириб юборган.
Блогер шу йилнинг сентябрида қамоққа олинган. Дастлаб у жиноят ишлари бўйича Хонобод тумани суди ҳукми билан 5,1 йилга қамалган эди. Сўнг прокуратуранинг протести асосида апелляция суди ишни қайта кўриб, муддатни 7,1 йилга узайтирган.
Отабек Аҳлиддинов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аъзоси бўлган. У ўз чиқишларида қатор ҳукумат тизимлари фаолиятини танқид қилган эди.
Бундан олдин Ўзбекистонда қатор блогерлар, жумладан, Отабек Сатторий, Олимжон Ҳайдаров ва бошқалар узоқ йилларга қамалганди.