Олий суд блогер Отабек Сатторийга чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди

Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати очиқ суд жараёнида блогер Отабек Сатторийга оид жиноят ишини кассация тартибида берилган шикоят асосида кўриб чиқди, деб билдирди 5 апрель куни Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.

Расмийнинг билдиришича, Олий суд Отабек Сатторийга нисбатан жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукми ҳамда Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 15 июлдаги ажримини ўзгаришсиз қолдирган. Сатторийнинг ҳукм ва ажримни бекор қилиш тўғрисидаги шикояти қаноатлантирилмади.

Музработ туман суди 40 ёшли Отабек Сатторийни 2021 йил 10 майда 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Ҳақиқат йўқ": Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалди

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий 2021 йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик) да айбдор деб топилган. Отабек Сатторий судда айбловни тан олган эмас.

Сатторийнинг қамалиши Ўзбекистонда ҳам, халқаро ташкилотлар миқёсида ҳам “сўз эркинлигига қарши зарба” сифатида баҳоланган эди.

Мавзуга алоқадор "Ислоҳот тарафдорларини даҳшатга солди". Ғарб нашрлари Сатторийга чиқарилган ҳукм ҳақида

Жумладан, Human Rights Watch халқаро ташкилоти бу воқеага муносабат билдирар экан: “Ўзбекистон раҳбарияти, жумладан президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар марказига инсон ҳақларига ҳурмат тамойили қўйилаётганини баралла айтиб келмоқда, аммо бу ўринда амаллар сўзларга зид келаётир”, деб билдирган.