Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбланиб, ҳибсда сақланаётган блогер Отабек Сатторий иши бўйича маҳкама шу йил 11 мартидан бошланади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълумот тарқатди.
“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139- (туҳмат), 140- (ҳақорат қилиш) ва 165- (товламачилик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Отабек Сатторийга оид жиноят ишини кўриб чиқишга доир очиқ суд жараёни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида 2021 йил 11 март куни соат 10.00 да бошланади”, дейилган Олий суд хабарномасида.
Telegram ва YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов блогер Сатторий “бироз шошқалоқлиги, ўйламай иш тутиши унга панд бергани”ни қайд этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистон расмийларини ҳибсга олинган блогер Отабек Сатторийни озод қилишга чақирган. Улар фикрича, блогер коррупцияга қарши курашгани ортидан сохталаштирилган жиноят иши асосида қамоққа олинган.