Қашқадарёлик блогер Шерали Комилов 15 июль куни соат 17 лар атрофида Тошкент вилояти Қибрай тумани Дўрмон аҳоли пунктида ҳибсга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатди.
Ҳуқуқ фаолининг ёзишича, Шерали Комилов Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бўлими томонидан бир йил аввал эълон қилинган айблов ва қидирув доирасида “15 нафарга яқин ИИО ходими” иштирокида қўлга олинган.
“Блогернинг аввал Қибрай тумани ИИБга, сўнг Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 1-сонли тергов изоляторига олиб кетилгани айтилмоқда”, дейилган Ташанов постида.
“Эзгулик” раҳбари Қашқадарё вилояти ИИБ Тергов бўлими терговчиси санкцияси билан Шерали Комилов истиқомат қилган хонадонда тинтув ўтказилгани, тинтув давомида блогерга тегишли ашёлар, техникалар суриштирув органи томонидан олиб кетилганини қўшимча қилган.
“Блогер Қашқадарё вилоятига этап қилиниши мумкин, унга нисбатан вилоят ИИБ томонидан фирибгарлик, туҳмат ва ҳақорат сингари айбловлар билан жиноят иши қўзғатилган”, деб ёзган Ташанов Шерали Комиловнинг сўнгги бир йил давомида терговдан яшириниб келганини қайд этиб, тергов органини “тергов жараёнида процессуал нормаларга қатъий амал қилишга” чақирган.
Ўтган ойда Озодликнинг “ОзодНазар” дастури меҳмони бўлган Шерали Комилов қарийб бир йилдан буён ўзига нисбатан учта жиноят иши очилиб, тўрт марта қидирув эълон қилинганини эътироф этган, шу вақт оралиғида Ўзбекистон ҳудудида бемалол юрганига қарамай, ўзини ҳеч ким тутиб кетишга уринмаётганини алоҳида таъкидлаб ўтган эди.
45 ёшли Шерали Комилов, маълумотларга кўра, меҳнат фаолиятини дастлаб ҳуқуқ-тартибот идораларида бошлаган, кейинчалик у хусусий тадбиркорлик ва блогерлик билан шуғуллана бошлаган. Блогерлик фаолияти давомида у сўнгги йилларда кўпроқ фаол равишда диний контент тарқатиш билан шуғулланувчи блогерлар ҳамда диний арбоблар хатти-ҳаракатларини танқид қилиш билан шуғулланиб келган.