Блогер Татарский ўлими учун масъулиятни “Миллий республика армияси” гуруҳи зиммасига олди

Санкт-Петербургда портлатилган кафе, 2023 йил 3 апрели

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги кафеда якшанба куни содир бўлган портлаш учун масъулиятни “Миллий республика армияси” (МРА) гуруҳи ўз зиммасига олган. Бунга оид хабар журналист Роман Попков томонидан юритиладиган “Роспартизан” телеграм-каналида пайдо бўлган.

Биз 2023 йил 2 апрелида Z-фаоллар ҳамда шахсан уруш оловини ёқувчи ва ташвиқотчи, Владлен Татарский ўлароқ танилган ҳарбий жиноятчи Максим Фоминга қарши акцияни уюштирдик ва амалга оширдик. Мазкур акция биз томонимиздан автоном равишда ҳозирланди ва амалга оширилди, биз ҳеч ким билан алоқада эмасмиз ва бу борада ҳеч қанақа хорижий тузилмалардан, айниқса махсус хизматлардан ёрдам олганимиз йўқ”, дейилган баёнотда.

Баёнотда айтилишича, акция тинч фуқароларга қарши қаратилган эмас, “жабрланганларнинг ҳаммаси урушнинг фаол тарафдори” бўлиб ҳисобланади.

“Роспартизан” каналидаги пост Россия Давлат думаси собиқ депутати Илья Пономарев томонидан ҳам тарқатилган. Пономарев айни пайтда Украинада истиқомат қилиб келмоқда.

Бу “Миллий республика армияси” масъулиятни ўз зиммасига олиши билан боғлиқ илк ҳодиса эмас. Аввалроқ Пономарёв мазкур гуруҳ ўнг радикал файласуф ва “рус дунёси”нинг ғоявий отаси сифатида кўриладиган Александр Дугиннинг қизи Дарья Дугина ўлимига ҳам алоқадор эканини айтган эди.