Қашқадарё вилоят жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди блогерлар А. Абдуллаев, М. Музаффаров ва Nasaf News сайти раҳбари У. Каримовни майда безориликда айбдор деб топди. Суд қарори билан уларнинг ҳар бири 5 суткага қамалди.
Расман билдирилишича, 29 май куни соат 10:20 ларда Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЙҲХБ биноси олдига автомашинада келган А. Абдуллаев, М. Музаффаров ва У. Каримов "ЙҲХБ бошлиғи Ф. Янгибоевда шубҳа уйғотган". У блогерлар олдига чиқиб, ҳужжатларни сўраган. А. Абдуллаев машина ўзига тегишли эканини айтиб, бошлиққа паспортини кўрсатган, аммо машинаси ҳужжатларини кўрсатишдан “бош тортган”.
Шундан кейин Янгибоев автомашинани жарима майдонига жойлаштирмоқчи бўлганида, “А. Абдуллаев, М. Музаффаров ва У. Каримов ИИБ ходимларига нисбатан қўполлик қилиб, уларга ҳурматсизлик ва беписандлик қилиб, уларга сенсираб мурожаат қилиб, жанжал қила бошлаган”.
Суднинг иддао қилишича, улар воқеа жойига етиб келган Шаҳрисабз шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари Ж. Рауповни ҳам “фуқаролар олдида обрўсизлантирганлар”.
Бу уч киши ўша куниёқ ушланиб, уларнинг иши судга оширилган ва жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди блогерларга 5 суткадан қамоқ жазоси белгилаган.
Ушбу воқеа юзасидан ҳозирча мустақил манбалар ҳеч қандай муқобил ахборот тарқатган эмас. Қамалган блогерларнинг ўзлари ва яқинлари ҳам суднинг бу қарорига муносабат билдирмади.
27 май куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида блогер Элмурод Одилов ҳам Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ва 198-моддаси (ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) 1-қисми билан 15 суткага қамалганди.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, блогер Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Фозил Хидиров пилла омборхонасида ўтказаётган йиғилишни ёритишга урингани ортидан қўлга олинган.
Мазкур йиғилишда Хидиров ёшлар етакчиларига бир ойлик ҳарбий хизматга шартнома пулини тўлаган ҳолда бир кишини жалб қилишга буйруқ берган. Бу ишни амалга оширмаганлар ишдан бўшатилишини айтган.