Германия Россия нефти импортидан йил охиригача воз кечади, ҳатто Евроиттифоқ мамлакатлари Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи туркуми доирасида ёқилғи сотиб олишни тақиқлаш бўйича тил топиша олмаган тақдирда ҳам, дея хабар қилди Bloomberg.
Нашр манбасига кўра, ГФР ҳукумати олти-етти ой мобайнида муқобил таъминотчи масаласини ҳал қила оламиз, деб ҳисоблайди. Айнан қайси мамлакатлар Германиянинг нефтга эҳтиёжини қондириши мумкинлиги ҳозирча очиқланмаган.
Германия иқтисодиёт вазирлигига кўра, Россия Украинада уруш бошлаганидан бери Россиянинг Германияга нефть етказиб беришдаги улуши 35 фоиздан 12 фоизга камайган.
Энг катта муаммолардан бири Шведт шаҳрида жойлашган Европадаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига хомашё етказиб бериш масаласидир. “Роснефть” назоратидаги ушбу завод, хусусан, Берлин халқаро аэропортини ёқилғи билан таъминлайди. Bloomberg ва Reuters маълумотига кўра, ҳукумат заводни ўз назоратига олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
ЕИ мамлакатлари 8 майдаги учрашувда Россияга қарши санкциялар янги туркуми хусусида келишувга эриша олмаган. Россия нефти импорти ва транспортировкасига чеклов қўйиш ташаббусини ҳозирча Венгрия “ўтказмаяпти”.
Санкцияларнинг олтинчи туркуми, жумладан, Россия нефтини харид қилиш ва ташишга тақиқ қўйишни назарда тутади. Санкциялар лойиҳасида Россия ёқилғисига қаттиқ тобе бўлмиш Венгрия, Чехия ва Словакия учун истиснолар таклиф этилганди. Бироқ Венгрия ҳукумати бу “юмшатиш” етарли эмас деб ҳисоблаб, бошқа мамлакатлардан нефть сотиб олишга ўтиш сарф-харажатларини қоплаб беришни талаб қилмоқда.
Олтинчи санкциялар туркуми маъқулланиши учун уни Евроиттифоқнинг барча мамлакатлари дастаклаши лозим. Бу масала ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида бугун, яъни 16 май куни муҳокама қилинади.