Bloomberg: КХДР Россияга 100 минг нафаргача аскар йўллаши мумкин

Шимолий Корея Украинага қарши урушда Россияга ёрдам тариқасида умумий ҳисобда 100 минг нафаргача ўз ҳарбийсини йўллаши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги “Катта йигирмалик” мамлакатларидаги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик суҳбатдошлари бу ерда гап дастлабки ҳисоб-китоблар ҳақида кетаётгани ва ҳатто бу маълумот тасдиқланган тақдирда ҳам, 100 минг кишилик контингент бир вақтнинг ўзида Россияга йўлланмаслигини таъкидлашган.

Аввалроқ “Америка овози”нинг корейс хизмати билан суҳбатда Украинанинг Жанубий Кореядаги элчиси Дмитрий Пономаренко шунга яқин рақамдан баҳс этган эди. Дипломатга кўра, Курск вилоятидаги КХДРдан бўлган 15 минг ҳарбий ҳар ойда ротация қилинади.

Россия билан Шимолий Корея яқинда РФ ва КХДР ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорликка оид шартномани ратификация қилишганди. Шартнома матнига мувофиқ, томонлардан бирига қуролли ҳужум қилинган тақдирда, иккинчи томон унга зудлик билан ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шунингдек, томонлар бир-бирига қарши бўлган учинчи мамлакатлар билан шартномалар тузмаслик ҳамда бошқа томон суверенитети бузилиши учун ўз ҳудудидан фойдаланилишига йўл қўймаслик юзасидан келишувга эришишган.

АҚШ, Япония ва Жанубий Корея хавфсизлик соҳасида уч томонлама ҳамкорлик бўйича котибият тузилгани ҳақида билдиришган. Лимадаги саммитда уч давлат раҳбарлари Шимолий Корея ва Россиянинг Украинадаги урушни кенгайтириш қарорини қоралашган.

Россия ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг кенгайиши НАТО томонидан ҳам қораланган. Ҳарбий иттифоқ баёнотида шимолий кореялик аскарларнинг Россияга йўлланиши хавфли эскалацияга сабаб бўлиши ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига зид келиши айтилган.