Bloomberg: Оқ уй Россия урани импортини тақиқламоқчи

Иллюстратив сурат

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россиядан бойитилган уран импортига тақиқ жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Bloomberg нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик қайдича, бу шундай лойиҳа Сенатда кўриб чиқилиши “оқсаб қолган”и манзарасида содир бўлмоқда. Лойиҳа 2023 йил декабрида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан қабул қилинган, бироқ у ҳали Сенат томонидан маъқулланган эмас.

Уран импортини тақиқлаш учун президент маъмурияти ижроия ҳокимиятини ишга солиши мумкин. Бу орада, Bloomberg урғусига кўра, Оқ уй ва атом саноати вакиллари тақиқ барибир Конгресс томонидан қонун лойиҳасини қабул қилиш воситасида киритилишини маъқул кўрмоқда, чунки шундай қилинса, уни бекор қилиш қийинроқ бўлади.

Қўшма Штатларга уран сотиш Россияга йилига 1 миллиард долларга яқин даромад келтиради. Оқ уй Россиянинг уран манбаларига қарам бўлиш “АҚШ иқтисодиёти учун хатар туғдириши”ни билдирган. Айни пайтда, Bloomberg нашрининг ёзишича, уран етказиб берувчини алмаштириш қийин иш бўлиши ҳамда уран қийматининг 20 фоизга ошишига олиб келиши мумкин.