Туркия бир неча ой олдин иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатлар бирлашмаси бўлмиш БРИКСга кириш учун расмий ариза топишрган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги манбалардан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
Агентлик суҳбатдошлари Анқара бу қарорни Европа Иттифоқига аъзо бўлишга оид музокаралардаги кетма-кет муваффақиятсизликлар манзарасида қабул қилганини иддао қилишмоқда. Туркия 1999 йилдан буён ЕИга киришга номзод мамлакат мақомига эга.
Бундан ташқари, БРИКСга аъзоликка ариза берилиши Россиянинг Украинага ҳужуми ортидан Анқара Москва билан алоқаларни узмаганидан кейин Туркия ва унинг НАТОдаги ҳамкорлари ўртасида юзага келган келишмовчиликлар билан ҳам боғлиқ, дея иддао қилишган Bloomberg манбалари.
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон маъмурияти геосиёсий оғирлик маркази ривожланган иқтисодиётлардан ривожланаётган иқтисодиётларга оғмоқда, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам Туркия ўзининг глобал ҳозирлиги кучайтириб, ғарблик иттифоқчилар манфаатлари хорижидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, айни пайтда НАТОга аъзо давлат ўлароқ ўз мажбуриятларини бажариб бориш ниятида, дея қайд этган Bloomberg.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва Эрдўғон вакиллари бу масалада агентликка изоҳ беришдан бош тортишган.
БРИКС бирлашмаси Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка томонидан 2006 йилда ташкил этилган. 2024 йили гуруҳга Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Эфиопия ва Миср аъзо бўлган. Саудия Арабистони ҳам БРИКСга киришни режалаётган эди, бироқ қироллик ҳали ташкилотга аъзо бўлган эмас.
Озарбайжон, Малайзия ва Таиланд ҳам БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза топширгани маълум. БРИКСга янги аъзоларни Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда қабул қилиш кутилмоқда. Мазкур табдир жорий йилнинг 22 октябридан 24 октябригача бўлиб ўтади.