Туркия Ғазо секторида ЦАХАЛ (Исроил армияси) томонидан ўтказилаётган ҳарбий амалиёт туфайли Исроил билан импорт-экспорт амалиётларини тамоман тўхтатган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги туркиялик икки мулозимдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ бутунлай тўхтагани ҳали расман тасдиқлангани йўқ. Айни пайтда савдо алоқалари қандай шартлар асосида қайта тикланиши мумкинлиги ҳам маълум эмас.
Туркия статистика институти маълумотига мувофиқ, 2023 йилда Туркия билан Исроил ўртасидаги товар айланмаси 6,8 миллиард долларни ташкил этган. Бу маблағнинг 76 фоизи Туркия экспорти ҳиссасига тўғри келади.
Исроил ТИВ раҳбари Исраэль Кац X ижтимоий тармоғида “Анқаранинг бу қарори, халқаро савдо шартномаларини эътиборсиз қолдирга ҳолда, турк халқи ва бизнеси манфаатларини оёқости қилади”, деб ёзган.
Кацга кўра, Исроил Туркия билан савдо-сотиқ муқобилини яратиш устида зудлик билан иш бошлайди — маҳаллий ишлаб чиқаришни кучайтиради ва бошқа таъминотчиларни қидириб топади.
Ўтган ҳафтада Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз мамлакати эндиликда Исроил билан савдо алоқаларини ривожлантирмаётганини билдирган эди. Туркия лидери Исроил расмийларини Ғазода 45 мингдан зиёд фаластинлик қурбон бўлгани ва 75 мингдан зиёд одам яраланганида айблаган.
Reuters қайдича, Анқара қарори Исроилга экспорт бўйича аввал жорий этилган чекловларни янада кенгайтиради.
Апрель ойи бошида Туркия Савдо вазирлиги, Ғазода ўт очиш тўлиқ тўхтатилгунича ва фаластинликларга узлуксиз гуманитар ёрдам етказиш йўлга қўйилгунича, Исроилга 54 турдаги саноат моллари экспорт қилинишига чеклов жорий этилишини очиқлаган эди. Чеклов жорий қилинган товарлар сирасига, жумладан пўлат ва пластик қувурлар, алюминий симлар, мотор мойи, цемент, маъданли ўғитлар ва бошқалар киради. Ўша пайтда Исроил томонидан жавоб чоралари очиқланган эмас.