Европа Киев билан Россия гази ўрнига Озарбайжон газини олган ҳолда Украина орқали газ транзитини сақлаб қолиш вариантларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Россия газининг Украина ҳудудида орқали Европага транзит қилинишига оид шартнома муддати йил охирига бориб тугайди. Киев Россия “Газпром” концерни билан шартномани узайтиришни режалаётгани йўқ. Айни пайтда Украинанинг “Нафтогаз” ширкати вакили Алексей Чернишов Украинада транзит учун зарур бўлган бутун инфратузилма мавжудлиги ва бундан фойдаланиш кераклигини билдирган.
Озарбайжондан Европага газ етказиб беришдан фойда оладиган мамлакат Словакия бўлади, дея қайд этган Bloomberg. Агентлик бундай транзит имконияти борлиги ҳақида Словакия бош вазири Роберт Фицо май ойида Бокуга сафаридан кейин гапирганини эслатган. Фицога кўра, агар бу борада келишувга эришилса, Братислава Озарбайжондан газ импорт қилиши, унинг бир қисмини ўзи учун олиб қолиши, қолганини эса бошқа мамлакатларга йўллаши мумкин.
Агар транзит айирбошлаш шаклида ташкил этилса, Россия учун бундай режа фойдали бўлади. Бунақада Москва ўз ёнилғисини бошқа минтақаларга йўллайди.
Россия газини Озарбайжонникига алмаштиришга оид қарор тези билан йил охирига бориб қабул қилиниши мумкин. Келишувга жанг майдонидаги вазият ҳам таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.
Россия газини Украина орқали Европага транзит қилиш бўйича беш йиллик шартнома 2019 йилда имзоланган. Унинг асосий харидори ҳалигача Словакия ва Австрия бўлиб қолмоқда.
Украина “Газпром” билан шартнома тузишдан қатъиян бош тортган. Бу орада Киев Европа ширкатлари Украина қувватларини ижага олиши мумкинлигини билдирган.